Размер шрифта:
Бухорода туризм милицияси иш бошлади

Бухорода туризм милицияси иш бошлади

Бухорода туризм милицияси иш бошлади

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган туризм хавфсизлигини таъминлаш бўлими ўз ишини бошлади.

“Газета уз”нинг 25 февраль куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига таняиб билдиришича, бўлимда 45 нафар ходим сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Хабарда айтилишича, бўлинма видеокузатув тизимига эга бўлган автомобиль ва автобуслар билан таъминланган. Туризм полицияси ходимлари чет тилларини биладилар ва этикет асослари бўйича махсус интруктаждан ўтказилганлар.Уларнинг ҳар бири навигация ва электрон таржима тизимига уланган планшетларга эга.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзда туризм хавфсизлигини таъминлаш концепциясини тасдиқлаган эди. Унга биноан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари раҳбарлик қиладиган туризм хавфсизлиги бўлимлари ташкил этилиши назарда тутилганди.

Кун янгиликлари

Украинадаги элчихонада ишлайдиган ўзбек дипломатлари Киевга қайтишди

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси жорий йилнинг 22 апрелидан эътиборан Киев шаҳрида ўз иш фаолиятини тўлиқ тиклаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

ТИВ вакили хабарномасида мурожаат Киевдаги элчихонанинг манзили, телефон рақамлари ҳамда электрон почта адреси кўрсатилган.

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан кўплаб мамлакатлар ўз элчихоналарини пойтахт Киевдан бошқа жойларга кўчиришга қарор қилишган, Ўзбекистон ҳам ўтган ой ўрталарида ўз элчихонасини вақтинча Львов шаҳрига кўчирган эди.

Мирзиёев Қашқадарёга учиб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетган. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг мазкур вилоятга сафари “ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида” амалга оширилаётганини билдирган.

Хабарномага мувофиқ, Қашқадарёга сафар чоғида Ш. Мирзиёевнинг кластер ва саноат корхоналарида, фермер хўжалиги даласида бўлиши, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалардаги ўзгаришлар билан танишиши кутилмоқда. Ташриф кун тартибидан халқ билан мулоқот, вилоят фаоллари билан учрашув, қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳалари тақдимоти ҳам ўрин олган.

Мирзиёев 21-22 апрель кунлари хизмат сафари билан Қашқадарё вилоятида бўлиши ҳақида аввалроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатган эди.

Илк чоракда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 13 млрд доллардан ошди

Жорий йилнинг дастлабки уч ойи ичида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 13,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот тарқатди.

Қўмита қайдича, январь-март ойларида мамлакат 5,8 миллиард долларлик маҳсулот ва хизмат экспорт қилган, бундан 5,2 миллиард доллари маҳсулот, 568 миллион доллари эса хизмат ҳиссасига тўғри келади.

Биринчи чоракда Ўзбекистон импорти ҳажми экспорт ҳажмидан кўп бўлиб, 7,4 миллиард долларни ташкил қилган, бундан 6,8 миллиард доллари маҳсулот, 530 миллион доллари эса хизмат ҳиссасига тўғри келади. Бошқача айтганда, илк уч ойда мамлакат хорижга сотган маҳсулот ва хизматлардан 1,6 миллиард долларга кўп маҳсулот ва хизмат сотиб олган.

Форишда юзага келган сел оқими тўрт кишининг умрига зомин бўлди

Жиззах вилоятининг Фориш туманида тўрт нафар фуқаро сел оқими оқизиб кетиши натижасида нобуд бўлган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги табиий офат қурбонларининг бири эркак, 3 нафари эса аёл бўлганини очиқлаган.

Вазирлик қайдича, сел тошқини айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ва экин майдонларига шикаст етказган.

ФВВ айни пайтда Жиззахда ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш тадбирлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ вазирлик Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари юзага келгани ҳақида маълум қилган.

Маълумотларга кўра, 20 апрель куни селни юзага келтирувчи кучли ёғингарчилик Жиззахдан ташқари Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилоятларининг ҳам айрим туманларида кузатилган.

Мирзиёев маҳаллабай ишлашда оқсоқликка йўл қўйган 30 дан зиёд раҳбарни ишдан бўшатди

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 36 нафар раҳбар ходимни ишдан олган.

Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов қайдича, маҳаллабай ишлаш тизимидаги аҳвол кескин танқид қилинган сешанба кунги йиғилишда бир нафар туман ҳокими, яна бир нафар шаҳар ҳокими, туман ҳокимлари биринчи ўринбосарларидан 12 нафари, шаҳар ҳокимлари биринчи ўринбосарларидан 2 нафари, туман прокурорларидан 2 нафари, шаҳар ИИБ бошлиқларидан 2 нафари, туман ИИБ бошлиқларидан бир нафари, туман солиқ хизмати бошлиқларидан 4 нафари ҳамда республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод этилган.

Хабарномага мувофиқ, кечаги видеоселекторда президент Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирган, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари биринчи ўринбосарларининг эса лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширган.

Давстатқўм: Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 162,8 триллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда маълум қилган Давлат статистика қўмитаси бу рақамнинг 2021 йил январь-март ойларига қиёслаганда 5,8 фоизга кўп эканини билдирган.

Давстатқўм қайдича, жорий йилнинг илк уч ойлигида аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми жорий нархларда 4 миллион 604 минг 600 сўмни (тақрибан 420 АҚШ доллари) ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 фоизга кўпдир.

Термиздаги объектлар Афғонистон ҳудудидан нишонга олинганига оид маълумот расман рад этилди

Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида айрим Telegram-каналлар томонидан тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Telegram-канали орқали билдирди.

“Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор”, деб ёзган мулозим ўзбекистонликлардан провокацияларга берилмасликни сўраган.

Афғонистон ҳудудидан Термиздаги ҳарбий объектларга ракета ҳужуми уюштирилганига оид хабарлар ёлғон эканини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлаган. Вазирлик қайдича, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан тўлиқ назорат қилиниб, барқарор вазият таъминланмоқда.

Ўзбекистоннинг Термиздаги объектлари ИШИДчилар томонидан нишонга олинганига оид “фейк-хабарлар” аввалроқ “Милитарист” ҳамда “Военний обозреватель” (Ҳарбий шарҳловчи) Telegram-каналлари томонидан тарқатилган эди.

ОАВ: Толибон мулозимлари “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли бошқарувини ЎТЙдан қайтариб олмоқчи

“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли бошқарувини босқичма-босқич равишда Афғонистон темир йўллар бошқармасига ўтказиб берилади. Бу ҳақда TOLOnews Толибон тузган ҳукумат мулозимлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбасига кўра, темир йўл техник ишларини бошқариш ва товарларни транспортировка қилиш билан ҳукумат даромадлари ортади. Шу важдан техник фаолиятни Ўзбекистон ширкатидан афғонистонликларга олиб беришга қарор қилишган.

“Биз уларга 10 майдан кейин темир йўлдан даромад йиғиш вазифасини Афғонистон ҳукумати ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот йўлладик”, деган Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси Бахтур-Раҳмон Шарофат.

Ҳозирги пайтда “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлининг техник эксплуатацияси билан “Ўзбекистон темир йўллари” корхонасига қарашли “Сўғдиёна-Транс” ширкати шуғулланмоқда. Афғонистон бу ширкатга йилига 18 миллион доллар тўлаяпти.

Аввалроқ айнан Бахтур-Раҳмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси 12-14 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўзбек расмийлари билан бўлиб ўтган музокараларда, “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумотига кўра, ОАВда пайдо бўлган ўзбекистонлик темирйўлчилар билан фаол ҳамкорлик тўхтатилишига оид хабарларни рад этишган эди. Афғонистон темир йўллар бошқармаси раиси мазкур музокараларда ҳатто келажакда ЎТЙ билан ҳамкорлик янада кенгайиши ҳақида билдирган.

“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўли Афғонистон товарлари учун асосий транзит йўллардан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳукумат мазкур темир йўлдан ойига 2,5 миллион доллардан 4 миллион долларгача даромад топади.

Мирзиёев май ойи охирида жавоб ташрифи билан Қирғизистонга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв жорий йилнинг май ойи охирида Қирғизистонга ташриф буюради. Буни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов билан Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда қайд этган.

Жапаров ўзбекистонлик ҳамкасбининг жавоб ташрифи чоғидаги олий даражали музокаралар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларида ривожланишнинг кейинги босқичига олиб чиқишига ишонч билдирган. Қирғизистон президенти Ўзбекистон ўз мамлакати учун муҳим ташқи сиёсий ва стратегик ҳамкор эканини яна бир бор урғулаган.

Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов Садир Жапаровга Бишкекка Шавкат Мирзиеёвнинг топшириғига кўра келганини, сафардан мақсад Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга жавоб ташрифини ҳозирлаш эканини айтган. Мулозим расмий Тошкент ўзбек-қирғиз алоқалари янада ривожланиши ва мустаҳкамланишидан ҳамда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳидаги ҳамкорликдан манфаатдор ва бунга ҳозир эканини тасдиқлаган.

Қирғизистон президенти С. Жапаров ўтган йилнинг март ойида Тошкентга сафар қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон билан Қирғизистон ҳамкорлигига оид 22 та ҳужжат имзоланган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 26-27 май кунлари Евросиё иқтисодий кенгаши ва Евросиё иқтисодий форуми доирасида Бишкекка келиши кутилаётгани хабар қилинган.

Украинадан Руминияга қочиб ўтган ўзбекистонлик опа-сингил Туркия орқали ватанига қайтарилди

Украинанинг Одесса шаҳридан Руминиянинг Бухарест шаҳрига март ойида гуманитар йўлак орқали қочиб ўтишга мажбур бўлган ўзбекистонлик опа-сингил Исмагиловалар юртига қайтишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ходимларидан олинган маълумотга таянган ҳолда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Ўзбекистонлик 30 ёшли Алина ва 28 ёшли Елвина Исмагиловалар Руминия пойтахтига бориб қолганларидан кейин Тошкентга қайтишда ёрдам сўраб, апрель ойининг илк куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилишган. Ўзбекистонлик дипломатлар ёрдами билан улар 2 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига етиб келишган.

Улар Истанбулда уч кун турганларидан кейин ҳомийлар ҳисобидан сотиб олинган авиачипта билан 5 апрель куни Ўзбекистонга қайтишган.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ жорий йилнинг 28 февралидан 24 мартигача 27 та авиарейс билан Украинанинг ҳарбий ҳаракатларга саҳна бўлган ҳудудларидан 6 минг 30 нафар фуқаро қайтарилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаcини алмаштириш муддати яна узайтирилди

Ўзбекистонда ҳукуматнинг жорий йил 12 апрелидаги қарори билан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддати чўздирилди.

“Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, 2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳужжатлар 2023 йил 31 мартигача, 2010 – 2012 йилларда берилганлари 2023 йил 30 июнигача, 2013 – 2015 йилларда берилганлари 2023 йил 30 сентябригача, 2015 йилдан кейин берилганлари 2023 йил 31 декабригача алмаштирилиши шарт.

Мазкур муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши эслатилган.

Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати икки йилдан буён узайтириб келинмоқда. Сўнгги бор бу муддат ўтган йил ноябрида чўздирилган эди.

Британия янги санкциялар жорий этган 206 киши орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор

Британия Москва Украинага уруш очгани ортидан Россиядаги 206 жисмоний ва юридик шахс, жумладан, уларга алоқадор бўлганларга нисбатан янги санкцияларни жорий этди.

13 апрель куни санкция жорий этилганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Улар:

-1959 йилнинг 22 декабрида Тошкентда туғилган Россия фуқароси, аммо айни пайтда Тошкент шаҳри Устабоев кўчасида истиқомат қилаётган Гулбаҳор Исмоилова,

-келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Саодат Нарзиева

-1987 йилнинг 14 ноябрида Тошкентда туғилган, ҳозирда ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган, аммо Лондондаги Stafford Place кўчасида яшовчи Нигина Зоировалардир.

“Газета. уз”нинг ёзишича, Гулбаҳор Исмоилова россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглисидир. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган. Жумладан, Исмоилова «Дилбар» яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.

Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқда

Исмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.

Саодат Нарзиева ҳам Алишер Усмоновнинг синглисидир. Очиқ манбалардаги айрим маълумотларга ишонилса, касби гинеколог бўлган Саодат Нарзиева Швейцариядаги энг йирик банклардан бири бўлган Credit Suisse банкида 2 миллиард долларлик ҳисобга эга.

“Газета.уз”нинг ёзишича, Саодат Нарзиева Тошкентда акушер-гинеколог бўлиб ишлайди. У Humon Quality хусусий клиникасининг эгасидир. Британия Ташқи ишлар вазирлиги унинг Британиядаги активларини ҳам музлатган ва мамлакатга киришини тақиқлаган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги санкциялар рўйхатига киритилган учинчи ўзбекистонлик Нигина Зоировани россиялик миллиардер, “Альфа-банк” акцияларининг асосий эгаси Михаил Фридман билан афилланган шахс сифатида тилга олган.

Британиянинг билдиришича, Михаил Фридманга нисбатан санкциялар жорий этилгач, Нигина Зоирова бирданига учта ширкатнинг хўжайинига айланиб қолган. У Британияда Фридман номидан фаолият юритаётгани аниқланган. Зоировага қарашли активлар ҳам музлатилган.

Британия Москва 24 февралда Украинага уруш очгани ортидан 13 апрелда Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини жорий этди. Мазкур санкция рўйхатига 206 жисмоний ва юридик шахс киритилган.

Улар орасида ЛУКОЙЛ президенти Вагит Алекперов, АФК "Система" ширкати директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенков, давлат думаси депутати ва машҳур хоккейчи Вячеслав Фетисов ҳам бор.

Бундан ташқари Украина махсус хизматлари томонидан аввалроқ ҳибсга олинган ва Путиннинг биродари экани айтиладиган россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Зеленский “Путиннинг биродари” Виктор Медведчукни украиналик асирларга алмашишни таклиф қилди

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Европа Иттифоқи ва Ғарб давлатлари қаторида Британия ҳам Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий этган ва уларни кучайтириб бормоқда.

Лондон аввал Россиядан нефть ва газ сотиб олишга эмбарго киритган. Бундан ташқари Россия президент Владимир Путиннинг қизлари ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга нисбатан санкция эълон қлган.

АҚШ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши давом этмоқда

АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани қайд этилди.

Давлат департаменти 2021 йилнинг 24 октябрида Ўзбекистонда ўтган президентлик сайловлари том маънода сайловчиларга муқобил номзодларни танлаш имкониятини бермаганини таъкидлаган.

“Президент Мирзиёев 80,2 фоиз овоз олиб қайта сайланди. Том маънодаги сиёсий муқобил кучлар танлови сайловчиларга таклиф этилмади, чунки ҳақиқий мухолифатдаги номзодлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди”,-дейилади ҳисоботда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг билдиришича, “Ўзбекистонда сайлов тинч ўтган, бироқ овоз бериш ва овозларни ҳисоблаш жараёнида сезиларли даражадаги қонунбузарликлар ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кузатилган”.

АҚШ ҳисоботида 2021 йил давомида давлат амалдорлари томонидан фундаментал инсон ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар олингани, бироқ инсон ҳуқуқларини бузган аксар амалдорлар қонуний жазодан қутулиб қолгани таъкидланади.

HRW: Ўзбекистон ҳукумати қамоққа олинган блогернинг қийноқ даъволарини текширмаган

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда қийноқларга қарши қонун қабул қилинганига қарамай, мамлакатда маҳбуслар ва маҳкумларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат давом этаётганини ҳам урғулаган.

Масалан, 2021 йил декабрда Самарқанд вилоятида икки нафар йўл назорати инспектори ҳибсга олинган ҳайдовчини беҳосдан ўлдириб қўйганликда айбдор деб топилди ва ҳар бири 2 йил 10 ойдан қамоққа ҳукм қилинди.

Аммо ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган қатор маҳбуслар юзасидан олиб борилган текширувлар натижасида, уларнинг ўлимига сабабкор бўлиши эҳтимоли мавжуд кучишлатар тузилмалари ходимлари оқланди.

АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистондаги қамоқларда ва тергов изоляторларида маҳбуслар ва маҳкумларни сақлаш шароити ўта оғирлигича қолмоқда. Жумладан, қамоқлар ва тергов изоляторлари ўта даражада тўлиб кетган, санитария шароити ўта қашшоқ ва озиқ-овқат етишмовчилиги муаммоси мавжуд.

Қамоқларда ва ҳибсхонларда маҳбусларга нисбатан жисмоний куч қўллаш ҳолатлари рўйхатга олинган. Маҳбус ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш жуда саёз даражада ташкил этилган.

АҚШ ҳисоботида Ўзбекистондаги қамоқлар ва ҳибсхоналарда маҳкумлар ва маҳбуслар сони бу ердаги имкониятлардан 40 фоизга кўплиги қайд этилган.

Хьюман Райтс Вотч ва бошқа халқаро ташкилотларнинг билдиришича, Ўзбекистон қамоқларида маҳкумларни калтаклаш, қийноқларга солиш ва ноинсоний тарзда муомала қилиш тажрибаси сақланиб қолинмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмидаги “Сиёсий тутқунлар” боби блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши воқеаси билан бошланади. Ҳисоботда Сатторий бевосита “сиёсий тутқун” деб аталмаган. Бироқ мазкур бобнинг айнан Отабек Сатторийдан бошлангани АҚШ уни “сиёсий тутқун” сифатида эътироф этаётгани эҳтимолини англатади.

Олий суд блогер Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий 2021 йил 10 майда 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган эди. Айни пайтда ҳисоботда халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда “сиёсий тутқун” сифатида тан олинган сўнгги маҳкум Хайрулло Турсунов 2021 йилда озод этилгани таъкидланади.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎